Нидерландиянинг Лёсден шаҳрида Иккинчи жаҳон уруши даврида қурбон бўлган ватандошларимиз хотирасига бағишланган музей очилди
Май 03, 2025. 13:22 • 4 дақ
• 202
ЛЁСДЕН, 3 май. /"Дунё" АА/. Нидерландиянинг Лёсден шаҳридаги "Совет шон-шараф майдони" яқинида Иккинчи жаҳон уруши даврида вафот этган совет аскарлари хотирасига бағишланган "Soviet War Cemetery Experience" музейининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.
Ушбу музейда давлатимиз раҳбари ташаббуси ва Ўзбекистон ҳукумати молиявий кўмагида Иккинчи жаҳон уруши даврида қурбон бўлган ва "Совет шон-шараф майдони"га дафн этилган 101 ўзбек аскарларига бағишланган махсус алоҳида хона ташкил этилди. Бундан ташқари, музейнинг асосий кириш қисмида ўзбек халқининг мард ўғлонлари хотирасига Совет қабристонидан келтирилган 101 эски қабр тошлари асосида ишланган рамзий монументал санъат асари ҳам яратилди.
Очилиш маросимида Нидерландия ташқи ишлар ва мудофаа вазирликлари расмийлари, Лёсден ва Амерсфорт шаҳарлари ҳокимликлари, Арманистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари вакиллари, "Совет шон-шараф майдони"да дафн этилган ва шахси аниқланган аскарларнинг яқин қариндошлари, волонтёрлар ҳамда нидерланд жамоатчилиги иштирок этди.
Шунингдек, Навоий вилояти Хатирчи туманидан Иккинчи жаҳон уруши даврида 101 аскарлар қаторида асирга тушиб, фашистлар қўлида қурбон бўлган ва "Совет шон-шараф майдони"да дафн этилган Раим Саломовнинг ўғли ва набиралари ҳам қатнашди.
Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби Кристиан Реберген ўз маърузасида совет аскарларининг фашизмга қарши курашда кўрсатган жасорати, нидерланд халқининг бугунги озодлиги учун қўшган беқиёс ҳиссаси ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлади.
Ташқи ишлар вазирлиги вакили музейни ташкил этишда кўрсатган кўмаги учун "Совет шон-шараф майдони" жамғармаси директори Ремко Рейдингга ва ҳамкор давлатларга миннатдорлик билдирди.
"Сизнинг ишингиз тарихимизни сақлаб қолиш ва келажак авлодларни ўтмишдан сабоқ олишни давом эттиришга илҳомлантириш учун катта аҳамиятга эга", деди Кристиан Реберген.
"Совет шон-шараф майдони" жамғармаси директори ва "Soviet War Cemetery Experience" музейи асосчиси Ремко Рейдинг ўз нутқини буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийнинг инсонларни душманликдан тийилиб, бир-бирига дўст бўлишга чорловчи сатрларидан бошлади.
"Ушбу лойиҳа туфайли совет аскарлари жасорати ва хотиралари ҳақидаги ҳикоялар энди ҳеч қачон унутилмайди", деди музей асосчиси.
Ремко Рейдинг ушбу музейни ташкил этилда яқиндан қўллаб-қувватлаган ҳамкорларга, жумладан Ўзбекистон ҳукуматига ажратилган молиявий ёрдам учун алоҳида миннатдорлик изҳор қилди.
Очилиш маросимидан сўнг музейнинг кириш қисмида тантанали лента кесиш маросими бўлиб ўтди. Шундан сўнг меҳмонлар учун музей бўйлаб экскурсия ташкил этилди. Музейда ташкил этилган кўргазмалар, жумладан 101 ўзбек аскарларига бағишланган хона, аскарлар ва уларнинг яқинлари ҳаётига урушнинг салбий таъсири акс этган расмлар ва видеолавҳалар, виртуал реаллик технологиялари йиғилганларга катта таассурот қолдирди.
Ремко Рейдинг, "Совет шон-шараф майдони" жамғармаси директори ва "Soviet War Cemetery Experience" музейи асосчиси:
– Нидерландияда "Совет шон-шараф майдони"да Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган кўплаб ўзбек аскарлари дафн этилган.
Бугун биз Лёсден шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида Европа, жумладан Нидерландия озодлиги учун жон берган ўзбек аскарлари ҳақида маълумот берувчи музейни очдик.
Ушбу музейни ташкил этишда бизни қўллаб-қувватлаганлардан жуда мамнунмиз. Айниқса, Ўзбекистон ҳукумати томонидан ушбу лойиҳани амалга оширишда катта ёрдам кўрсатилганидан миннатдормиз.
Ўзбекистон ҳукумати кўмагида бугун Нидерландияда дафн этилган ўзбек аскарлари хотирасига бағишланган ажойиб музей қад ростлади.
Умид қиламанки, келгусида ушбу музей фаолияти билан бевосита танишиш учун Ўзбекистондан кўплаб ҳамюртларингиз келади.
Элёр Саломов, Иккинчи жаҳон урушида 101 аскарлар қаторида вафот этган ва "Совет шон-шараф майдони"да дафн этилган Раим Саломовнинг набираси:
– Биз Нидерландиянинг Лёсден шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган совет аскарлари хотирасига бағишланган музей очилиш маросимида иштирок этиш учун Навоий вилоятидан келдик.
Бобом Раим Саломов ҳам Иккинчи жаҳон урушида 101 аскарлар қаторида асирга тушиб вафот этган.
Уларнинг ёнидан Ўзбекистонда яшаш манзили ёзилган хат топилганги бобомнинг бу ерда дафн этилганлигини билиш имконини берди.
Бобом мангу ётган жойни аниқлашди "Совет шон-шараф майдони" жамғармаси директори Ремко Рейдинг томонидан олиб борилган тадқиқотлар катта ёрдам берди.
Ўзбекистон ҳукуматига ушбу тарихий музейни очишга кўрсатган катта ёрдами ва қўллаб-қувватлови учун барча оила аъзоларимиз номидан миннатдорлик билдираман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси